—Муҳаммаджафар, бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?
— Бугун қийин ўйин ўтказдик. Мезбонлар бизга жиддий қаршилик кўрсатишди. Биз барча футболчилар бир жамоа бўлган холда ҳаракатландик ва якунда ғалабага эришдик.
— Ўтган турда мавсумнинг очилиш ўйинида Тошкентнинг «Локомотив» клуби ёшларига имконият бой берилганди. Бугунги ғалаба жамоа футболчиларига ўзларига бўлган ишонч қайтишига сабаб бўлди деб ҳисобласак бўладими?
— Албатта, бугунги ғалаба жамоамизга ишончни қайтариб берди деб айта оламан. Очилиш ўйинида ҳаяжон туфайли ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Аслида ўша учрашувда ёмон ҳаракат қилмагандик, илк ўйиндаги ҳаяжон ва бир омадсизлик бизга панд берганди. Бугунги ғалабамиздан хурсандмиз ва навбатдаги тур ўйинларига янада кучлироқ тайёргарликка киришамиз.
— Сиз ҳужумчисиз, демак рақиб дарвозасига гол киритиш асосий вазифангиз ҳисобланади. Жорий мавсумда ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйдингиз?
— Янги мавсумда кўпроқ голлар уриб жамоамизга фойдам тегиши учун астойдил ҳаракат қиламан. Шунингдек, ушбу мавсумда ўзимни кўрсатган холда «Турон»нинг асосий таркибига қўшилишни, келажакда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида майдонга тушишни мақсад қилганман.
— «Турон» мухлисларига қандай тилакларингиз бор?
-Мухлисларимиздан ҳамиша миннатдормиз, улар бизни ҳар доим бирдек қўллаб-қувватлаб келишган. Насиб бўлса бугунги каби ғалабаларга эришиб уларни хурсанд қилишда давом этамиз деган умиддаман.
Бекзод Толибов ёзиб олди