— Билолхон, «Турон» жорий мавсумдан Суперлигада иштирок этмоқда. Бу чемпионатга жамоанинг мослашиш жараёни қандай кечмоқда?

— Суперлигага мослашиш жараёни бизда бир оз қийин кечмоқда. Тақвимнинг биз учун ноқулай тушиб қолгани ҳам адаптация жараёнига ўз таъсирини ўтказаяпти. Дастлабки турларданоқ кучли ва номдор жамоалар билан тўқнаш келаётганимиз бизга бир оз қийинчиликни юзага келтирди.

— Суперлига ва Про-лига ўртасида фарқни қандай изохлайсиз?

— Бу икки лигалар ўртасидаги фарқ ҳозирга келиб жуда сезиларли даражада деб ўйламайман. Боиси Про-лигада ҳам бир қатор номдор жамоалар иштирок этаяпти. Шахсан ўзимга у қадар ҳам катта фарқ сезилмади.

— Ўйин давомида кўп дриблинг ишлатасиз. Жаҳон футболидаги идеал сифатида кўрадиган футболчингиз борми? Масалан кимнинг ҳаракатларидан илҳомланасиз?

— Жаҳон футболида Месси, Неймар ва Эден Азарларнинг ўйинларини кузатиб бораман. Уларнинг майдондагиҳаракатларидан илҳомланаман. Шунингдек уларнинг услубларини ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қиламан.

— «Турон» мухлислари сизни жуда қадрлашади. Уларга қандай тилакларни билдирган ҳамда ваъдалар берган бўлардингиз?

— «Турон» жамоаси мухлисларини жуда яхши кўраман. Улар стадион трибуналарида жуда фаол ва тартибли мухлислик қилишади. Биз улар учун ғалабаларни тақдим этишга интиламиз. Насиб бўлса мавсумни юқори ўринларда якунлашни мақсад қилганмиз.

— Бугунги ўйинда киритилган ягона голга ҳаммуаллифлик қилдингиз. Айтингчи, Жасур Хакимовни қулай вазиятда эканини қандай ҳис қилдингиз?

— Жасурни бош билан яхши ўйнашини билардим. Тўп билан ҳаракатланиб келаётган вақтимда ҳужум чизиғи томон бир лаҳза қараб олдим. Ўшанда Жасур Хакимовни қулай вазиятга чиқиб келаётганини кўрдим ва дарҳол узатмани амалга оширдим. Гувоҳи бўлганингиздек вазият гол билан якунланди.

— Жамоани олдинда кутиб турган муҳим ўйинлар, яъни «Пахтакор» ва АГМК билан бўлиб ўтадиган ўйинлар ҳақида фикрларингиз қандай?

— «Пахтакор» ва АГМК кучли жамоалар. Бу жамоаларга қарши бўлиб ўтадиган ўйинларда муносиб ҳаракат қилиб ғалабаларга эришмоқчимиз.

Бекзод Толибов ёзиб олди

Дўстларга улашинг: