— Муҳаммаджафар, ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз. Қачон ва қаерда туғилгансиз?
— 2003 йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилганман.
— Футболга кириб келишингиз қандай юз берган? Биринчи мураббийингиз ким?
— Оиламизда футбол спорт турини яхши кўришади. 10 ёшимда дадам футболга олиб борганлар. Биринчи мураббийим Иброҳимжон Мамадалиев ҳисобланади. Футболга кириб келишим мана шундай юз берган.
— Оила аъзоларингиз орасида футболчилар ёки ушбу спорт турига алоқадор касб эгалари борми?
— Оила аъзоларим орасида футболга алоқадор касб эгалари йўқ. Лекин айтиб ўтганимдек барчалари футболни жуда яхши кўришади. Бобом ёшликларида оғир атлетика спорт тури билан шуғулланган эканлар.
— Қайси футболчиларни ўйинларига қизиқасиз?
— Жаҳон футболи юлдузлари Месси ва Неймарларнинг ҳаракатларидан завқ оламан.
— Хориж чемпионатларида қайси жамоаларга мухлислик қиласиз?
— Испанияда «Барселона», Англияда «Манчестр Сити» жамоаларига мухлислик қиламан.
— Келажакда ўз олдингизга қандай мақсад ва режаларни қўйгансиз?
— Мақсадим «Турон» сафида фаол ҳаракат қилиб жамоанинг ютуқ ва ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишдан иборат. Шунингдек келажакда Европа клубларида ҳам ўйнашни ўз режаларимга киритганман.
— Мухлисларга тилакларингиз қандай?
— «Турон» мухлисларини жуда яхши кўраман, улар бизни ҳар доим фаол қўллаб-қувватлаб келишган. Ҳамиша саломат бўлишсин, насиб бўлса ғалабаларга эришиб уларни хурсанд қиламиз.
Бекзод Толибов суҳбатлашди