@UZPROLIGA ижодкорлари футбол мухлисларига таниқли мураббий, футболчи ва журналистлар билан эксклюзив интервьюларни тақдим этишда давом этадилар. Лойиҳамизнинг бу галги меҳмони Ўзбекистон туманининг «Турон» жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов бўлди.
Савол: — Ислом ака, «Турон» жамоасининг жорий мавсумдаги мақсади ҳақида айтиб берсангиз.
Жавоб: — «Турон» жамоасининг келаётган мавсумдаги мақсади — Про-лига мусобақаларида ғолиб чиқиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритишдан иборат. Бунга мос равишда клубимизда бир қатор ижобий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Биласизми, биз Суперлигага чиқиб, у ерда бир-икки йил ўртамиёна жамоа даражасида юрмоқчи эмасмиз. Клубимизнинг бир неча йилларга мўлжалланган истиқболли режалари мавжуд ва ўз олдига юксак мақсадларни қўйган. Мана яқин кунларда «Турон» футбол клуби ўз академиясини фойдаланишга топширади. Бундан ташқари клубимизга тегишли бўлган «Ўзбекистон» ўйингоҳи Европа технологиялари асосида қайтадан таъмирланмоқда. Шулар билан бир навбатда жамоамиз қароргоҳи ҳам бутунлай ўзгача кўринишда қайтадан барпо этилади.
Савол: — Жамоангизда трансферлар давом этадими?
Жавоб: — Бизни олдимизда кучли ва рақобатбардош жамоа ташкил этиш вазифаси турибди. Шу сабабдан биз мунтазам равишда ўз қарашларимиз ва услубларимизга мос келадиган футболчиларни кузатиб борамиз. Келажакда «Турон» жамоасининг ҳар бир чизиғига иккита ёки учтадан номзодларни шакллантирамиз, бу ўз-ўзидан футболчилар ўртасида рақобатни кучайтиради.
Савол: — Қуйида номлари келтирилган шогирдларингиздан қайси бирини энг кучли футболчи деб ҳисоблайсиз? Жавоҳир Соҳибов, Ойбек Ахматов, Баҳодир Акрамов. Биттасини танлашингиз шарт.
Жавоб: — Жавоҳир Сохибов
Савол: — Фикрингизча, айни дамда Ўзбекистондаги энг кучли мураббий номини айтинг. Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов.
Жавоб: — Шахсий фикримча Вадим Абрамов
Савол: — Навбатдаги савол сал ўзгачароқ. Вариантлардан бирини танлашингиз шарт.
а) Келажакда «Манчестр Юнайтед» бош мураббийи бўламан.
б) Келажакда «Пахтакор» бош мураббийи бўламан.
Жавоб: — «А» вариант, «Манчестр Юнайтед» бош мураббийи бўламан.
Савол: — Coca-Cola Суперлигада қайси жамоага мухлислик қиласиз?
Жавоб: «Пахтакор»га мухлислик қиламан.
Савол: — Сизнингча, Ўзбекистонда қайси жамоа мухлисларини энг фаол деб ҳисоблайсиз?
Жавоб: — Бошқа жамоалар мухлислари ҳафа бўлишмасин, айни дамда «Навбаҳор» мухлисларини энг фаол деб ҳисоблайман.
Савол: — Яна ноодатий савол. а) Бир кун келиб «Турон» билан Осиё чемпионлар лигасида иштирок этаман. б) Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқаман.
Жавоб: — «Б» вариант, Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқаман.
Бекзод Толибов ёзиб олди.