— Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?

— Бугунги ўйин тенг курашлар асосида ўтди. Футболчилар майдонда жуда яхши ҳаракат килишди. Хар икки жамоа вакилларида бир қатор қулай имкониятлар бўлди. Умуман олганда жуда қизиқарли ва томошабоп руҳдаги жанговор ўйин гувоҳига айландик. Агар ўз имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олганимизда бугун ғалабага эришишимиз ҳам мумкин эди.

— Жамоа мавсумни кетма-кет дуранглар билан бошлади. Айтингчи, бунга сабаб нима?

— Биз мавсумни яхши бошладик. Тўғри ҳар ўйинда дуранг натижани қайд этмоқдамиз. Лекин ёш футболчиларимиз ҳар бир учрашувдан ўзлари учун зарур тажрибани олишмовда. Ҳозирда футболчиларимизда бир оз ишонч етишмаяпти деб ўйлайман. Лекин мен футболчиларимизга ишонаман. Улар навбатдаги учрашувларда албатта ғалабаларга эришишади.

 

— Жорий мавсумда “Турон» (U-18) жамоаси олдига қандай мақсад ва вазифалар қўйилган?

— Авваламбор клубимиз раҳбариятига жамоамиз номидан миннатдорчилик  билдираман. Раҳбарият бизга барча имконият ва шароитларни яратиб беришмоқда. Масалан жамоамиз машғулот олиб бориши учун майдон ажратилган. Якиндагина бу стадионни янгитдан замонавий тарзда таъмирдан чиқариб берилди.

Шу билан бирга U-18 жамоамиз зиммасига бир катор вазифалар юкланган. Олдимизда U-21 жамоасига иқтидорли футболчиларни етказиб бериш ҳамда U-18 биринчилигида муносиб ўринларни эгаллаш каби мақсадлар қўйилган.

 

— «Турон» мухлисларига тилакларингиз қандай?

— Мухлисларимиз бу бизнинг энг катта ютуқларимиздан бири ҳисобланади. Улар клубимизнинг ҳар бир жамоаси иштирокидаги ўйинларга келиб фаол тарзда қўллаб-қувватлаб туришади. Барча мухлисларимизга мустаҳкам соғлик, омад ва муваффақият ёр бўлишини тилайман. Биз ҳар бир ўйинда ғалабаларга эришиб уларни хурсанд қилишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз.

Бекзод Толибов суҳбатлашди

Дўстларга улашинг: